Статистик маълумотларга қараганда, 2021 йилнинг 10 ойида республика бўйича жами 7681 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Уларда 1964 киши ҳаётдан кўз юмган, 6886 киши турли даражада тан жароҳати олган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг сезиларли қисми автомобилни маст ҳолда бошқаришга тўғри келади. Шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан мастликни аниқлаш учун текширув ўтказиш, маъмурий баённома расмийлаштириш тартибини бузиш ҳолатлари ҳам учраб турмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистонда ходим алкотестер сифатида бош кийимидан, Жиззахда елим идишдан, Сирдарёда эса стакандан фойдалангани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Фото: «Psychologies»
Хўш, аслида мастликни аниқлаш тартиби қандай? Рухсат этилган мастлик чегараси қанча? Автомобилни маст ҳолда бошқариш учун қанақа жавобгарлик бор? «Bugun.uz» колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу каби саволларга жавоб беради.
Автомобилни маст ҳолда ҳайдаш деганда нафақат алкоголли ичимлик, балки наркотик модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариш ҳам назарда тутилади.
Рухсат этилган мастлик чегараси қанча?
Мастлик даражаси қондаги алкоголь миқдорини ўлчаш орқали аниқланади. Қондаги алкоголь миқдорини аниқлашга қаратилган илмий ёндашувлар XX асрнинг 20 йилларида мазкур мавзу бўйича бир қатор ўрганишлар ўтказган швед тадқиқотчиси Эрик Видмарк тадқиқотларига бориб тақалади. Унинг асарларида келтирилган «Видмарк формуласи» усули ҳозирга қадар алкоголь концентрациясини аниқлаш учун фойдаланилади. Қондаги алкоголь концентрацияси миқдорида промилледа (фоизнинг ўндан бири) ўлчанади. Қондаги алкоголь концентрациясининг инсон организмига таъсири:

Фото: «Bugun.uz»
1968 йилги Йўл ҳаракати тўғрисидаги халқаро Вена конвенциясида иштирокчи давлатлар қонунчилигида ҳайдовчининг қонида алкоголнинг рухсат этилган максимал концентрацияси аниқ белгиланиши талаби қўйилган. Унга кўра, давлатлар томонидан ўрнатиладиган максимал миқдор 0,8 промилледан ошмаслиги керак.
Концентрация миқдорини аниқлашда вазн, бўй узунлиги ва ичимликдаги алкоголь фоизи инобатга олинади. Айтайлик, киши таркибида 40 фоиз алкоголь бўлган 50 миллиграмм ичимлик истеъмол қилса, унинг қонидаги концентрация неча промиллени ташкил қилади? Forens суд-тиббиёт экспертлари онлайн дастурига кўра, қондаги алкоголь концентрацияси қуйидагича миқдорда бўлади:

Фото: «Bugun.uz»
Концентрация миқдори давлатлар қонунчилиги хусусиятларидан келиб чиқиб турлича ўрнатилган. Масалан, СССРда бу миқдор 0,5‰ (промилле)ни ташкил қилган. Совет тизими Россияда 2008 йилгача амал қилган. 2008 йилда рухсат этилган алкоголь концентрацияси миқдори 0,3 промиллегача туширилган, 2010 йилда эса мутлақо тақиқланиб, рақамлар 0,0 промиллени ташкил этган. Бироқ 2013 йилга келиб, масала қайта очилганда концентрация миқдори 0,336 промиллега қадар кўтарилган.
АҚШ қонунчилигида эса рухсат этилган концентрация миқдори тоифаланган. Ҳар бир штат 21 ёшдан ошган, 21 ёшдан кичик ва тижорат автомобиллари ҳайдовчилари учун ўзининг рухсат этилган максимал чегарасига эга. 21 ёшдан ошган ҳайдовчилар учун барча штатлар миқдорни 0,8 промилле қилиб белгилаган. Баъзи штатлар 21 ёшдан кичик ҳайдовчиларга ва тижорат автомобиллари ҳайдовчиларига спиртли ичимлик ичишни умуман тақиқлайди, баъзилари эса одатда 21 ёшдан ошган ҳайдовчиларга нисбатан анча паст бўлган чекловларга рухсат беради. Мисол учун, Нью-Йорк штатида ҳайдовчи маст деб топилиши учун унинг қонида қуйидагича концентрацияда алкоголь аниқланиши керак:
● 21 ёшдан ошган барча ҳайдовчилар учун – 0,8 промилле;
● 21 ёшдан етмаган ҳайдовчилар учун – 0,2 промилле;
● тижорат автомобиллари ҳайдовчилар учун – 0,4 промилле.
Германияда ҳайдовчининг қонидаги алкоголнинг рухсат этилган концентрацияси 0,29 промилле (21 ёшдан ошмаганлар учун 0,00 промилле) ни ташкил қилади. Бу миқдор Японияда 0,15 промилле, Жанубий Кореяда 0,03 промиллегача туширилган.
Ўзбекистонда эса, рухсат этилган алкоголь концентрациясининг максимал чегараси «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан, 0,3 промилле ҳисобланади. Қонда ундан ортиқ миқдорда алкоголь аниқланиши жавобгарликка сабаб бўлади.
Мастликни аниқлаш тартиби қандай?
Автомобилни бошқараётган шахсни мастлик ҳолатида деб ҳисоблашга етарли асослар бўлган тақдирда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) томонидан унинг мастлик ҳолати текширувдан ўтказилади. «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканини аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан қуйидаги ҳолатлар текширув ўтказиш учун асос бўлади:
● ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши;
● ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);
● ҳайдовчи нутқининг бузилгани;
● ҳайдовчи қўл бармоқларининг қалтираши;
● ҳайдовчи юз териси рангининг сезиларли ўзгаргани.
Фақат шу асослар бўлган тақдирдагина ДЙҲХХ ходими томонидан текширув ўтказилиши мумкин. Ҳайдовчилар мастлик фактини аниқлаш жараёнида қуйидаги уч йўлдан бирини танлаши керак:
Алкотестерлар
Ҳайдовчилар олдида турган энг мақбул йўл – улар тўхтатилган жойнинг ўзида алкотестер ёрдамида текширувдан ўтишини айтиш мумкин. Текширувда камида икки нафар холис иштироки талаб қилинади. Агарда ДЙҲХХ ходимида кузатув камераси (body camera) бўлса, бу қоидадан четга чиқилиши мумкин.
Текширув олдидан ДЙҲХХ ходими ҳайдовчини алкотестернинг ишлаш тартиби билан таништиради, унинг талабига асосан алкотестерга тегишли ҳужжатларни кўрсатади. Транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Унга алкотестер орқали олинган маълумотлар илова қилинади.
Бироқ амалиётда ДЙҲХХ ходимлари томонидан текширув ўтказиш тартибини бузиш ҳолатлари учраб турмоқда. Бу каби ҳолатларда, биринчидан, текширув тартиби бузилган, иккинчидан, ноқонуний олинган далиллар мақбул эмас деб топилади ва маъмурий ишда айбдорлик фактини исботлаш жараёнида қўлланилмайди.
Қолаверса, алкотестерларда қорақалпоғистонлик ходим бош кийимида, жиззахлик ва сирдарёлик ходимлар стаканида бўлмаган функция – ҳайдовчи чиқарган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси аниқлаш имконияти мавжуд. Ва айнан шу кўрсаткичлар ҳайдовчини маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин. Камера билан жиҳозланган «Алкостоп 8000 C» русумли алкотестер:

Фото: «upl.uz»
Тиббий текширув
Тиббий текширув алкотестерларга қараганда бироз вақт талаб қиладиган жараён бўлиб, ундан қуйидаги уч ҳолатда ўтилади:
● ҳайдовчи алкотестер ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортса;
● ҳайдовчи алкотестер натижаларига рози бўлмаса;
● ҳайдовчи алкоголли ичимлик таъсиридан маст ҳолатда эканлиги аниқланмаган, бироқ унинг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлиги белгилари мавжуд бўлса.
Ушбу ҳолларда ДЙҲХХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради.
Тиббий текширув ҳайдовчи тўхтатилган пайтдан бошлаб узоғи билан бир соат ичида ўтказилиши лозим. Мастлик факти наркологик диспансерларда наркологлар ёки даволаш-профилактика муассасаларида махсус тайёргарликдан ўтган шифокорлар томонидан аниқланади.
Шахснинг алкоголь маҳсулотини истеъмол қилгани тўғрисидаги тиббий хулоса алкоголь маҳсулотининг қондаги концентрацияси 0,3 промилле ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда чиқарилади.
Текширувдан бўйин товлаш
Ҳайдовчи олдида турган энг сўнгги ва фойдасиз йўл – шунчаки, текширувдан ўтишдан бош тортиш. Бош тортган шахс алкотестер ёрдамида ҳам, тиббий текширувлар орқали ҳам текширилмайди. Бироқ у текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик юзасидан маъмурий жавобгарликка тортилади. Бу қилмишга нисбатан жазо эса автомобилни маст ҳолда бошқариш учун қўлланиладиган жазо билан тенг.
Қандай жавобгарлик бор?
Илк бора 1897 йил 10 сентябрда лондонлик таксичи Жорж Смит маст ҳолда автомобиль бошқарганлик учун жавобгарликка тортилган. Шундан буён ҳар йили минглаб кишилар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиб келинмоқда.
Маст ҳолда автомобиль бошқариш аксарият мамлакатларда жиддий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Жазо эса турли мамлакатларда бир-биридан фарқ қилади. Баъзи давлатларда жазо қондаги алкоголь концентрацияси миқдори ошиб боришига, баъзи давлатларда ҳайдовчининг ёшига, баъзиларда эса транспорт воситаси турига ҳам боғлиқ (масалан, жамоат транспорти ҳайдовчиси енгил автомобиль ҳайдовчисига қараганда оғирроқ жазога тортилади).
Ўзбекистонда қонунчилигида ҳам маст ҳолда автомобиль бошқариш ижтимоий хавфлилик хусусиятига қараб, бир қанча тоифаларга бўлинади. Жумладан, жавобгарлик транспорт воситасининг турига қараб, мастлик ҳолатида ҳаво кемаларини (МЖТК 116-модда), кичик ҳажмли кемаларни (МЖТК 132-модда) ҳамда транспорт воситаларини бошқаришга (МЖТК 131-модда) бўлинади.
Улар ичида энг кенг тарқалган ҳуқуқбузарлик, шубҳасиз, автомобилни маст ҳолда бошқариш ҳисобланади. Шу боисдан унга нисбатан қўлланиладиган жазо бошқа ҳуқуқбузарликларга қараганда сезиларли даражада юқори. Хусусан, МЖТК 131-моддаси 1-қисмига кўра, ушбу қилмиш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиб, БМҲнинг 25 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Агарда бу ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, БМҲнинг 40 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Фото: «Автопарк»
Қонунчиликда бевосита транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ бўлмаса-да, бир қатор ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган. Мисол сифатида мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувлардан бўйин товлаш (МЖТК 136-модда) ва маст ҳолдаги ҳайдовчиларнинг ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришига йўл қўйишни (МЖТК 140-модда) келтириш мумкин.
Шунингдек, қонунчиликка асосан, маст ҳолатда бошқарганлик учун нафақат автомобиль ҳайдовчилари, балки мопед, велосипед ҳайдовчилари, ҳаттоки уловли аравани бошқариб борувчи шахслар ҳам жавобгарликка тортилади (МЖТК 138-модда). Уларга нисбатан жавобгарлик анча паст бўлиб, БМҲнинг 2 бараварини ташкил этади.
Бошқа давлатларда қандай?
Хорижий давлатлар қонунчилигида бу қилмиш учун турлича жавобгарликлар назарда тутилган. Масалан, АҚШда такроран маст ҳолда автомобиль бошқарганлик учун ҳайдовчи 10 минг долларгача жаримага тортилиб, суднинг қарорига кўра, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Шунингдек, жазони ўтаб чиққандан сўнг ҳайдовчи ҳисобидан унинг автомашинасига алкоқулф (ҳайдовчи мастлигини текширмасдан, двигателни ишга туширмайдиган, алкотестер билан жиҳозланган қурилма) ўрнатилади. Агарда мастлик ҳолатида бошқариш давомида автомашинада 15 ёшга етмаган бола бўлса, ҳайдовчи 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиниб, 5 минг долларгача жаримага тортилади. Шунингдек, у ювенал полицияда (вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи) рўйхатга олинади.
Германияда эса, жавобгарлик қондаги алкоголь концентрацияси миқдорига қараб белгиланади. Яна бир ўзига хослик шундаки, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс белгиланган муддат якунлангунга қадар ҳар ойда анализ учун қон топшириб туришга мажбур. Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш даври тугагач, тиббий-психологик текширувдан ўтибгина ҳуқуқини қайта тиклаши мумкин.
Япония қонунчилигига кўра, нафақат маст ҳолда машина бошқарганлик, маст ҳолдаги кишига бошқаришга рухсат берганлик учун, балки рулга ўтирган шахсни спиртли ичимликлар ичишга таклиф қилганлик ва ҳайдовчига спиртли ичимликни тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланган.
Бу борадаги энг кескин жазолар Жанубий Кореяда бўлиб, маст ҳолда автомашина бошқариш 20 миллион вонгача жарима ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш йўллардаги энг оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Маст ҳолда бошқариш оқибатида нафақат ҳайдовчи, кўплаб бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳам ўлими келиб чиқмоқда. Шу боисдан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва маст ҳолатда автомобилни бошқарганлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади.
bugun.uz saytidan olingan